Дунёдаги энг оммабоп валюталар қайси?

Доллар 2022 йилда дунёдаги энг оммабоп валюта бўлиб қолди, юань бирданига бир нечта рақобатчиларни ортда қолдириб, кучли бешликка кирди. Бу ҳақда Халқаро ҳисоб-китоблар банки (BIS)га таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.

Банкнинг ҳар уч йилда бир чиқувчи ҳисоботида айтилишича, жорий йилнинг апрель ойида дунёда валюта савдолари ҳажми янги рекордга эришди — кунига 7,5 триллион доллар, бу 2019 йилга нисбатан 14 фоизга кўп.

BIS 2014 йилда шунга ўхшаш тадқиқотларни нашр эта бошлаганидан бери бу йил ўсиш суръатлари энг заиф бўлди.

Жаҳон савдоларининг қарийб 50 фоизи валюта свопларига (2019 йилда 49 фоиз), яна 28 фоизи спот савдога (2019 йилда 30 фоиз) ва 15 фоизи тўғридан-тўғри форвард шартномаларига тўғри келди.

Доллар битимларнинг 88 фоизида қўлланилган, шунингдек, у уч йил аввалги савдо жуфтликлари иштирокчиларидан бири эди.

Энг оммабоп жаҳон валюталари рўйхатида иккинчи ўринни евро эгаллади — унинг улуши 32 фоиздан 31 фоизгача камайди.

Фунт стерлинг ва иена мос равишда 17 фоиз ва 13 фоиз билан рейтингда учинчи ва тўртинчи ўринларни сақлаб қолди.

Юань Австралия ва Канада долларларини, шунингдек, Швейцария франкини ортда қолдириб, саккизинчи ўриндан бешинчи ўринга кўтарилди.

BIS қайд этишича, Хитой миллий валютаси валюта операцияларининг 7 фоизида иштирок этган (2019 йилда 4 фоиз).

Рубльдаги операциялар 2022 йилги ҳисоботга киритилмаган. 2019 йилда уларнинг улуши 1 фоиздан кам эди.

Умуман олганда, Буюк Британия, АҚШ, Гонконг, Сингапур ва Японияда барча валюта савдосининг 78 фоизи амалга оширилди.

Лондоннинг дунёда валюта савдосининг асосий маркази сифатидаги мавқейи бироз заифлашди, унинг жаҳон айланмасидаги улуши 43 фоиздан 38 фоизгача камайди.