Шанба куни Сомали пойтахти Могадишода Таълим вазирлиги яқинида икки автомобилга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида 100 киши ҳалок бўлди, 300 киши яраланди, дея хабар бермоқда Reuters президентнинг эрталабки нутқига таяниб.
Портлашларнинг биринчиси Могадишодаги гавжум чорраҳа яқинидаги Таълим вазирлигида содир бўлди. Иккинчиси тез ёрдам машиналари етиб келган ва одамлар жароҳатланганларга ёрдам бериш учун тўпланганда содир бўлган. Ҳужум 2017 йил октабр ойида Сомалида 500 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган энг йирик теракт содир бўлган жойда уюштирилган.
Сомали президенти Ҳасан Шайх Моҳамуд «Аш-Шабоб» исломий гуруҳини айблаган бўлсада, ҳозирча ҳеч ким ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Бу гуруҳ одатда кўп сонли қурбонларга олиб келадиган ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишдан қочади.