«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари, бизнесмен Евгений Пригожин Россия Бош прокуратурасидан You tube’ни блоклашни сўради. Бу ҳақда матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Пригожин Россия Бош прокурорига You tube видеохостинг фаолиятини текшириш илтимоси билан мурожаат қилган.
«Платформада фойдаланувчилар назарида Россия имиджини қоралашга қаратилган ахборот уруши бошланди. You tube’да сохта янгиликлар тарқалмоқда, русофобик контент чоп этилмоқда, Россия федерациясида ҳокимиятни ағдариш чақириқлари ва бузғунчи материаллар чоп этилмоқда», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Пригожиннинг баёнотида Google компаниясининг Россия федерациясида мамлакат мудофаа қобилияти ва давлат хавфсизлигига таҳдид яратишга қаратилган маълумотларни тарқатувчи фаолиятини номақбул деб тан олиш масаласини кўриб чиқиш таклифи ҳам келтириб ўтилган.
Маълумот учун, Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқадор саналган россиялик тадбиркор Евгений Пригожин Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Лотин Америкасидаги операцияларда иштирок этган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг асосчиси саналади.