ЎзДЖТСУдаги бешта бакалавриат йўналиши тугатилади

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида бугунги кунда долзарб бўлмаган 5 та бакалавриат йўналиши тугатилиб, 2 та магистратура мутахассислиги ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб мазкур ОТМларда таълим дастурлари етакчи хорижий университетларнинг дастурига кўра шакллантирилади.

Шунингдек, барча бакалавриат ва магистратура йўналишларига оид малака талаблари қайта кўриб чиқилади, ўқитувчилар ва битирувчиларнинг билими, маҳорати ва педагогик кўникмаларини баҳоловчи компетенциявий сертификатлаш йўлга қўйилади.