Саратоннинг энг хавфли турини эрта аниқлаш усули топилди

Ошқозон ости бези саратони — ўсма касалликлари орасида энг хавфлиси. Чунки у сезиларли аломатларсиз пайдо бўлади. Шу боис бу хасталикка одатда анча кенг босқичда ташхис қўйилиши ачинарли.

Тўғри, вазн камайиши ва қон таркибида қанд миқдори ошиши бу дардга хос белгилардир. Аммо организмдаги ушбу ўзгаришлар қачон ва қандай содир бўлиши номаълум. Агар шифокорлар бу борада аниқ маълумотга эга бўлса, касалликни эрта ташхислаш имконияти ошиши, шубҳасиз.

Мазкур эҳтиёж Буюк Британия олимлари изланишлари учун сабаб бўлди. Улар юқоридаги аломатлар беморларда қачон ривожланишини ўрганди.

Бунинг учун ошқозон ости бези саратонига чалинган 9 минг нафарга яқин кишининг тиббий маълумотлари (турли даврлардаги тана вазни индекси, қондаги қанд миқдори) 35 минг нафар соғлом инсонлар кўрсаткичлари билан солиштирилди.

Якунда ушбу хавфли дардга йўлиққан одамларда кескин вазн йўқотиш ҳолати касаллик ташхиси қўйилишидан икки йил аввал бошлангани маълум бўлди. Яъни уларда тана вазн индекси соғлом кишиларга нисбатан деярли уч бирлик пастлиги қайд этилди.

Шунингдек, ошқозон ости бези саратонига чалинганлар қонида қанд миқдори ортиши хасталик аниқланишидан уч йил олдин бошлангани кузатилди.

Олимларнинг якуний хулосасига кўра, қандли диабетдан азият чекаётган беморларда ушбу ўсма касаллиги ривожланиш хавфи юқори.