Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари ментал арифметика бўйича ўтказилган “Каспийбўйи давлатлари кубоги” халқаро мусобақасида жиззахлик ўқувчилар ғолиб бўлди.
Жиззах вилояти Зомин туманининг малакали педагоги Шаҳноза Абдуллаева бошчилигида борган 6 нафар зукко ва билимдон ўқувчилар тенгсиз эканлигини исботлади. Мусобақада 10 та давлатдан мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Иқтидорли педагог Шаҳноза Абдуллаеванинг телефон орқали хабар беришича, мусобақада иштирок этган ўқувчилардан Сардорбек Ҳосилбеков – “Старт 3” ҳамда Беҳруз Абдуғофуров – “Basic” категориялари бўйича “Супер чемпион”ликни, Алишер Комилов – “Старт C2” ва Шоҳруз Турсунов – “Старт 3C” категориялари бўйича “Чемпион”ликни, Шодия Фарҳодова – “Старт 1В” ҳамда Шеҳроз Норбўтаев – “Старт 2” категориялари бўйича 1-ўринни қўлга киритган.
– Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Россия, Канада жами 10 та давлат ўқувчилари иштирок этган ушбу мусобақада ўқувчиларим барчани қойил қолдирди. Ҳатто 2 нафар ўқувчим белгиланган 4 дақиқада, берилган 2 хонали 40 та мисолни тўғри бажаришдан ташқари, қўшимча мисолларни ечишга ҳам улгурди. “Супер чемпион”ликка эришди. Бу муваффақият – улар “Ёш вундеркинд”лар эканининг яққол исботидир, – дейди Шаҳноза Абдуллаева.