Ижтимоий тармоқларда Фарғонада ИИБ ходими фуқарони калтаклаётгани тасвирланган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Қува тумани ИИБ профилактика инспекторлари М.Т ва С.Ж. лар “Пастки Хўжа Хасан” МФЙ ҳудудида фуқаро О.Й. ни маст ҳолатда жамоат тартибини бузаётганини кўрган. Улар унинг шахсига ойдинлик киритиш ва мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувга олиб боришмоқчи бўлган. Бироқ фуқаро О.Й ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган.
Ходимлар “Ички ишлар тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси ҳамда Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқ отар қуролни қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида” ги 55-сонли буйруғи талабларидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатини бартараф этиш учун О.Й.га нисбатан махсус восита – резина таёқдан (дубинкадан) фойдаланган.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат шу куннинг ўзида тегишли тартибда рўйҳатга олинган. О.Й. нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194-моддаларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Фуқаро О.Й билан суҳбат олиб борилганда ҳақиқатдан ҳам у ўша куни ўта маст ҳолатда бўлганини ҳамда ходимларга нисбатан қилган хатти- ҳаракатларидан афсусда эканини айтиб ўтган.
Ҳозирда профилактика инспекторлари М.Т ва С.Ж. ларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.