Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг 200 нафар фуқаросига қарши шахсий санкциялар жорий қилди. Вазирлик сайтида уларнинг рўйхати эълон қилинди.
ТИВ баёнотига кўра, Россия «АҚШ президенти маъмурияти томонидан нафақат Россия расмийлари, ишбилармон доира вакиллари, маданият арбобларига, балки у ёки бу сабабларга кўра Вашингтонга эътироз билдирувчи шахсларга нисбатан қўллаётган шахсий санкцияларга жавобан» санкциялар жорий қилмоқда.
Рўйхатга ҳокимият ва қонунчиларнинг алоҳида вакиллари, уларнинг яқин қариндоши, ҳарбий-саноат компаниялари ва корхоналари раҳбарлари, «русофобия» кампаниясини тарғиб қилиш ва «Киев режимини» қўллаб-қувватлашда иштирок этган экспертлар киритилган.
Санкция киритилган шахслар орасида АҚШ президенти Жо Байденнинг синглиси ва укалари, Оқ уй матбуот котиби, АҚШ мудофаа вазири ўринбосари, таълим вазири, сенаторлар ва уларнинг рафиқалари, журналист ҳамда профессорлар ҳам бор.
Февраль охиридан буён АҚШ, Евроиттифоқ, Буюк Британия ва бошқа бир қатор мамлакатлар Россияга қарши санкцияларнинг бир нечта пакетини киритди. Чекловлар сиёсий элита, бизнесменлар, кўмир ва нефть етказиб бериш, саноат, банк сектори ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига тегишли бўлди.
Россия ҳукумати бир томонлама чеклов чораларининг ноқонунийлигини бир неча марта айтиб ўтган, шунингдек, улар чекловларни киритган мамлакатларнинг иқтисодиётига жиддий салбий таъсир ўтказишини таъкидлаганди. Хусусан, президент Владимир Путин Евроиттифоқ Россияга қарши санкциялардан кўрадиган эҳтимолий талафотни 400 миллиард долларга баҳолаган эди.