Украина президенти Владимир Зеленский G20 давлатлари саммитидаги видеомурожаатида урушни тугатиш учун зарур шартларни эълон қилди. Индонезиянинг Бали шаҳрида ўтказилаётган саммит иштирокчиларига йўлланган мурожаатда Зеленский 10 та бандни келтириб ўтган. Булар:
радиациявий ва ядровий хавфсизлик;
озиқ-овқат хавфсизлиги;
энергетика хавфсизлиги;
барча асирларнинг озод этилиши ва депоратацияси;
БМТ Низомига риоя қилиш ва Украина ҳудудий яхлитлиги ҳамда дунёдаги тартибни қайта тиклаш;
Россия қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши ва жанговар ҳаракатларнинг тўхтатилиши;
адолатнинг тикланиши;
экоцидга қарши туриш;
эскалацияга йўл қўймаслик;
урушнинг тугашини белгилаш.
«Украинча тинчлик формуласи мавжуд. Украина, Европа ва дунё учун тинчлик. Шу билан бирга, тинчликни ҳақиқатда кафолатлаш учун амалга ошириш мумкин бўлган қарорлар жамланмаси бор», — дея таъкидлайди Украина етакчиси.
Зеленскийнинг ҳисоблашича, Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тасдиқлаши, мамлакат ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиши ва етказилган зарар учун товон тўлаши керак.
«Урушга қарши барча чоралар киритилгач, унинг тугагани тўғрисидаги ҳужжат томонлар томонидан имзоланиши керак», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Зеленский Россияга асирларни «барчани барчага» формуласида алмашиш таклифини берганди.