Баъзи аллергик касалликлардан буткул халос бўлиш мумкин

Ҳозир аллергик касалликлар авж олган даврда яшаяпмиз. Бир томондан сайёрамиздаги экологик инқироз, бошқа томондан иммунитетнинг заифлашуви бундай ҳолатларнинг бош сабабчиси.

Шу боис мутлақо зарарсиздек кўринган ўсимликлар чанги, жониворлар юнги, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ҳам баъзи инсонларда кучли аллергик реакцияларни қўзғатишга қодир.

Хўш, ўзи бу дарднинг самарали давоси борми? Аллергик касалликлардан буткул халос бўлиш мумкинми?

— Соҳамизда янгидан-янги диагностика ва даволаш усуллари жорий этилмоқда, — дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Шулардан бири аллерген специфик иммунотерапия (АИСТ) деб номланади.

Ушбу муолажа турида аллергенларнинг тузли-сувли эритмаси бемор организмига кичик дозаларда титрлаб юборилади. Шундан сўнг специфик антитана миқдори камайиши, яъни аллергенга нисбатан жавоб реакцияси пасайиши кузатилади.

Натижада қондаги умумий IgE миқдори озайиб, блокловчи антитана — IgG4 кўпаяди. Шу тариқа касаллик симптомлари камайиб, ҳатто хасталик беморни умуман безовта қилмайди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, АСИТ аллергик ринит ва бронхиал астманинг енгил ҳамда ўрта шаклларидан азият чекаётган 5 ёшдан ошган болалар ва катталарни даволашга мўлжалланган. Бироқ бу усул атопик дерматит, озиқ-овқат аллергияси муолажасида самара бермайди. Иммунитетни ўзгартирмайди.

Даволаш курси — 3 йилдан 5 йилгача. Муолажалар икки — инъекция ёки сублингуал усулда амалга оширилади. Иккинчи шакл таблетка ёки томизғи дориларни ўз ичига олади. Аммо ҳар иккисининг самарадорлиги бир хил.

Даволаш жараёнини бошлаш вақти беморнинг айнан нимага аллергияси борлиги билан боғлиқ. Масалан, дарахт гулчанглари хасталик қўзғатувчиси бўлса, кеч куз, қиш мавсуми ва май ойигача бўлган давр мақбул. Инъекция шаклида муолажани йил бўйи давом эттирса бўлади.

Уй чангларига аллергияси бўлганларни даволаш ҳам касалликнинг тинч даврида бошланади. Агар аломатлар мавжуд бўлмаса, муолажаларни йил бўйи қўллаш мумкин.

Илмира Разикованинг қайд этишича, айни пайтда Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида беморларни аллерген специфик иммунотерапия орқали даволаш усули кенг йўлга қўйилган.