«Энергетикада монополия тугамас экан, аҳолини газ ва электр билан таъминлашда сифат ўзгармайди» — Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров энергетикада монополия тугамаса, аҳолини газ ва электр билан таъминлашда сифат ўзгармаслигини айтди. «Муаммо — бошқарув ва таъминот тизимининг эскирганида» — деди у. Аввалроқ вазир ўринбосари узилишлар сабабини ёқилғи етишмаслиги билан изоҳлаганди.

Қонунчилик палатасининг спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров энергетикада монополия тугамаса ва нархлар ўзгармаса, аҳолини газ ҳамда электр билан таъминлашда сифат ўзгармаслигини таъкидлади. У бу ҳақда ўзининг Telegram`даги каналида ёзиб қолдирди.

«Автосаноатда монополия тугамаса автомашина нархлари ўзгармаганидек, энергетикада ҳам монополия тугамас, нархлар ўзгармас экан, аҳолини газ ва электр билан таъминлашда сифат ўзгармайди», — деб ёзади у.

Депутат сифатли таъминот учун яроқли тармоқлар бўлиши кераклигини, тармоқлар яроқли бўлиши учун мунтазам ва қиммат таъмир ишлари талаб қилиниши ҳақида ёзар экан, бу буджет учун оғирлигини қайд этди.

«Қарзга қилиш — тешик идишга сув қуйгандек гап, инвесторлар эса давлат билан шерикчилик қилишни исташмайди. Энергия сотиш компаниялари ўзи даромад кўрмагунича соҳада ўзгариш бўлмайди. Газ ҳам электр ҳам бор, етмаса сотиб олиш имконияти бор, лекин минглаб километр симлар ва трубалар эскириб кетган. Аҳолини электр ва газ билан таъминлашдаги муаммо ресурс етишмовчилиги эмас, бошқарув ва таъминот тизимини эскирганида», — деди Қонунчилик палатасининг спикери ўринбосари.

«Истаганингизча Энергетика вазирини (ёки мени, фарқи йўқ) танқид қилишингиз мумкин, соҳада ҳаммамиз учун оғир ва оғриқли, вақт талаб қиладиган ислоҳотлар бўлмас экан, муаммо тураверади», — дейилади постда.