Қирғизистонлик мухолиф сиёсатчи Равшан Жеенбеков Кампир Обод сув омбори бўйича келишувни бекор қилиш учун Халқаро судга мурожаат қилишларини маълум қилди.
Сиёсатчининг айтишича, Камбир Обод сув омборини ҳимоя қилиш бўйича қўмита аъзолари келажакда Ўзбекистон билан тузилган битимнинг ратификациясини бекор қилиш бўйича Халқаро судга мурожаат қилади.
«Ҳокимиятимиз коррупцияга ботган ва авторитар бўлса, бизда халқаро битимни бекор қилиш имконияти бўлади. Кеча парламентда коррупция ва авторитария усуллари қўлланган ҳолда ратификация амалга оширилди. Бу ҳукумат томонидан депутатларга босим ўтказишдир», — дейди Жеенбеков.
17 ноябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат парламентида ўзбек—қирғиз чегараси борасидаги келишув бўйича чиқиш қилганди. «Бундай тарихий кунда яширинмасдан, ушбу масала ҳақида ўз фикримни айтишга қарор қилдим», — дейди Жапаров. Унинг сўзларига кўра, Кампир Ободдаги 4127 гектар ер Ўзбекистон билан 1965 йилда алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари икки давлат чегарасидаги Кампир Обод сув омборини бошқариш бўйича қўшма корхона тузишга келишганди. «Кампир Обод авваллари тўлиқ ўзбек томони назоратида бўлган, аммо энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз ва тўғонини биргаликда бошқарамиз, деб келишиб олдик», — деб ёзганди Қирғизистон президенти.