Тошкентда гўшт талашиб хонадошини пичоқлаб қўйган талаба иши апелляция тартибида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2022 йил 8 июнь куни соат 00:10 да талаба шериги билан ижарада яшайдиган хонадонига келган. Жабрланувчи қозондаги шўрвани иситиб, ундаги бир бўлак гўштни ўзига олган, судланувчи эса ундан гўштни беришни талаб қилган. Ўртада юзага келган тортишувда жабрланувчи судланувчининг чап қулоғига мушт билан урган ва томоғидан бўғган.
Шундан сўнг 27 ёшли талаба қўлига илинган пичоқ билан хонадошининг сон ва кўкрак қисмига урган.
«Менда жабрланувчини ўлдириш нияти йўқ эди. Унга пичоқ санчганимнинг сабаби ўзимни ҳимоя қилиш бўлган. Шу куни у футболкамни йиртиб ташлаганди, уни отам берган эди. Жанжал вақтида мен ҳам қулоғимдан жароҳат олдим… Қилган ишимдан пушаймонман», — деган айбланувчи.
Тошкентдаги ОТМлардан бирининг иккинчи босқич талабаси бўлган йигит отаси хасталигини, оилада ёлғиз боқувчи эканини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлигини айтиб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмагна жазо сўраган.
Тошкент шаҳар судининг ажрими кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган талабага тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланган ва судланувчи суд залидан озод қилинган.