Энг паст нарх аукцион объекти баҳоланган қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланади

Марказий банк кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштиришга оид фармон лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Унга кўра:

➖гаров билан таъминланган кредиторларнинг гаров мулкига нисбатан ҳуқуқи бошқа барча талаблардан, шу жумладан бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ижтимоий суғурта тўловлари бўйича талаблардан устувор ҳисобланади;

➖тўловга қобилиятсизлик таомили жараёнида кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини гаров қийматидан қаноатлантиришда уларга мутлақ устунлик берилади;

➖гаров нарсаси ҳисобланган мол-мулк гаровга қўювчидан жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун олиб қўйилса, гаровга олувчида ўз талабларини ушбу мол-мулк ҳисобидан устувор тарзда қаноатлантириш ҳуқуқи сақлаб қолинади;

➖ундирув қаратилган гаровга қўйилган мол-мулкнинг очиқ кимошди савдосида сотилишини гаровга қўювчининг илтимосига асосан кечиктирилишига йўл қўйилмайди;

➖гаровга олишда бошқа шахс розилиги ёки органнинг рухсати олинган бўлса, гаровга олувчининг мазкур мол-мулк гарови билан таъминланган талаблари фақат суд тартибида қаноатлантирилиши бўйича талаб бекор қилинади;

➖гаровга қўйилган мол-мулкни такрорий аукционда сотиш мумкин бўлган энг паст нарх аукцион объекти баҳоланган қийматининг 50 фоизи миқдорида- (амалда 90%) белгиланади. Бунда, ҳар бир аукцион қадами ўртасидаги фарқ ўн дақиқани ташкил этади. Агар мол-мулк такрорий аукционда реализация қилинмаса, ундирувчига ушбу мол-мулкни аукционда сотиш мумкин бўлган энг паст нархга тенг суммада ўзида қолдириш таклиф қилинади;

Марказий банк муддати ўтган қарздорликларнинг учинчи шахслар томонидан ундирилишини (коллекторлик фаолиятини) тартибга солиш бўйича илғор хориж амалиётини ўрганиб, уни республикада жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.