Сурхондарёда маҳаллий аҳоли машина йўлини тўсиб қўйди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида автомобиль йўли маҳаллий аҳоли томонидан тўсиб қўйилгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.

Унга кўра, Жарқўрғон тумани марказига олиб борувчи 4Р-100б автомобиль йўли юк кўтариш қобилияти бир ўққа тушадиган тегишли меъёрий оғирликдан оғир бўлган юк автомобилларининг мунтазам равишда ҳаракатланиши оқибатида таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Маълум қилинишича, ҳозирда туман «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси томонидан биринчи навбатда ушбу автомобиль йўлида транспорт воситаларининг ҳаракат хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилган.

Вилоят автомобиль йўллари Бош бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари эса аҳоли вакиллари билан учрашиб, 4Р-100б автомобиль йўлининг 0-11 км қисмини таъмирлаш ишлари 2023 йил биринчи чорагида амалга оширилиши белгиланганлиги юзасидан тушунтириш ишларини олиб боришган.

Қайд этилишича, аҳолининг норозилигига сабаб бўлган ушбу масала Сурхондарё вилояти автомобиль йўллари Бош бошқармаси томонидан назоратга олинган.