Индонезияда зилзила қурбонлари 160 кишидан ошди

Индонезиянинг Ява оролида рўй берган кучли зилзила қурбонлари сони 162 кишига етди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Ғарбий Ява губернатори Ридван Комил ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги мактаб ўқувчилари эканини айтди. Унга кўра, зилзиладан уйлари жиддий шикастланган 13 мингдан ортиқ киши эвакуация марказларига олиб кетилган.

Кеча, 21 ноябрь куни тушдан кейин Индонезиянинг Ява оролида 5,6 магнитудали зилзила юз берди. Индонезия метеорология, иқлимшунослик ва геофизика агентлиги камида 25 та ер силкинишини қайд этди. Зилзила манбаи 175 мингга яқин аҳолиси бўлган Чианжур шаҳри яқинида жойлашган. Худди шу номдаги минтақа аҳолиси 2,5 миллион кишидан ошади.

Индонезия мунтазам равишда ҳалокатли зилзилаларга дуч келади. Жорий йилнинг февраль ойида Ғарбий Суматра провинциясида содир бўлган 6,2 магнитудали зилзила оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, 460 дан ортиқ киши жароҳат олди.