Халқ таълими вазирлиги ота-оналар эътиборсизлиги сабаб дарсларга қатнашмай келаётган ўқувчилар сони тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, ўқувчиларнинг мактаб дарсларида мунтазам қатнашишларини таъминлаш ҳамда ёшлар ўртасида турли ножўя ва улар тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи одатларнинг тарқалиши олдини олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
17-18 ноябрь кунлари Халқ таълими, Ички ишлар, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур турдаги профилактик тадбирлар давомида дарсларни сабабсиз қолдириб келган 2 072 нафар ўқувчи аниқланган.
Назорат тадбирларида аниқланган мазкур ўқувчиларнинг ота-оналари туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар йиғилишларига жалб этилиб, улар иштирокида муҳокама қилинган. Шунингдек, ота-оналар назорати ва қаровисиз қолган ўқувчилар таълим олишлари учун махсус мактаб-интернатларига жойлаштирилган.
«Ҳурматли ота-оналар! Ўз фарзандларингиз олдидаги мавжуд мажбуриятларингизни тўла англаган ҳолда, болангизнинг мактаб дарсларида тўлиқ ва доимий иштирок этаётганлигини қатъий назорат қилишингиз, бунда мактаб маъмурияти ва синф раҳбарлари билан мунтазам алоқа ўрнатишингиз мақсадга мувофиқдир», — дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида кўра, ота-оналар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.