Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бугун, 23 ноябрь куни мамлакат ҳудуди Арманистон томонидан мунтазам равишда ўққа тутилгани ҳақида хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Озарбайжоннинг тўрт вилояти ҳудудлари, жумладан, Арманистон билан чегарадош Калбажар ва Дашкесан вилоятлари ўққа тутилган.
Бундан ташқари, Озарбайжон қуролли кучларининг Шуша ва Тертер йўналишларидаги позициялари арманлар томонидан ўққа тутилган. Ўқ Россия ҳарбийлари вақтинча жойлашган ҳудудлардан отилган.
Озарбайжон армиясининг кўрсатилган йўналишларда жойлашган бўлинмалари тегишли жавоб чораларини кўрган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 ноябрь куни ҳам Озарбайжолн Мудофаа вазирлиги республика ҳудудини Арманистон томони мунтазам равишда ўққа тутаётгани ҳақида хабар берган эди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги сўнгги йирик тўқнашув жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси содир бўлди. Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.