Ўзбекистон Хитойга газ сотишни 52,5 фоизга кўпайтирди

Хитой томонига кўра, мамлакат 2022 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистондан салкам 917 млн долларлик газ импорт қилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўп. Сотилган газнинг физик ҳажми ва бирлик нархи номаълум. Октябр ойидан бошлаб газ олди-сотдиси бўйича икки мамлакат расмий статистикасида катта фарқ юзага келди.

Ўзбекистонда электр узилишларининг 90 фоизига сабаб – электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газнинг етишмаётгани, дея маълум қилганди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 16 ноябрдаги матбуот анжуманида.

Ички тақчиллик борлигига қарамай, Ўзбекистон газ экспортини давом эттирмоқда.

“Тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади. Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди”, – деган эди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод ХўжаевХўжаев АОКАда ўтказилган йиғилишда.

Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қилишни оширмоқда

СOVID-19 пандемияси бошланиши ортидан Ўзбекистон Россияга табиий газ экспортини тўхтатганди ва бу ўтган давр мобайнида ҳам қайта тикланмади. Айни пайтда ўзбек гази фақат Хитойга етказиб берилмоқда.

Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларига таяниб, ТАСС тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон 2022 йилнинг январ–октябр ойларида Хитойга газ қувури орқали энг кўп ёқилғи етказиб берган давлатлар рўйхатида 5-ўринни эгаллаган:

  1. Туркманистон – 8,23 млрд доллар; ўсиш 53 фоиз;
  2. Россия – 3,1 млрд доллар; ўсиш 82 фоиз;
  3. Мянма – 1,13 млрд доллар, пасайиш 2,6 фоиз;
  4. Қозоғистон – 996,5 млн доллар, ўсиш 15,2 фоиз;
  5. Ўзбекистон – 916,7 млн доллар, ўсиш 52,5 фоиз.

Бошқарманинг онлайн тизимида импорт қилинган газнинг физик ҳажми кўрсатилмаган. Тегишли устун барча етказиб берувчи мамлакатлар учун бўш қолдирилган.