Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида Мобиль-ID тизими нима учун керак?

Тизим нима мақсадда жорий қилинди?

Давлат хизматларидан масофадан фойдаланиш, яъни онлайн фойдаланиш учун энг муҳим нарса бу –  шахсни идентификация қилишдир.

Ана шундай идентификация воситаси бўлиб кўп йиллар давомида электрон рақамли имзо калити ҳисобланган.

Электрон рақамли имзо калити (ЭРИ) калитининг асосий камчиликларидан бири шунда эдики – ушбу калит орқали мобил қурилмалар смартфонлар орқали онлайн хизматдан фойдаланиш мураккаб эди.

Ана шу мақсадда ҳамда ҳозирги ривожланаётган ҳаёт тарзи компьютердан кўра, кўпроқ мобил телефонлардан фойдаланиш оммалашаётганини инобатга олиб, давлат хизматларидан айнан мобил қурилмалар ва телефонлар орқали кенг фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Мобиль-ID тизими жорий қилинди.

Мобиль-ID имкониятлари нимада?

Ушбу тизим фуқароларга электрон рақамли имзодан фойдаланмаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратади.

Масалан, ҳозирда 3,1 млн. дан ортиқ фаол электрон имзо мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2 йилни ташкил этади. Мобиль-ID тизими эса, мобил алоқа хизматларидан фойдаланаётган 24 млн. аҳоли учун алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан фойдаланиш имконини беради. Жумладан:

– OneID тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларининг портал ва ахборот тизимларига киришда фойдаланувчиларнинг шахсини тасдиқлаш (аутентификация қилиш);

– Мобиль-ID тизимидан фойдаланаётган фойдаланувчининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш (верификация қилиш);

– электрон давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича берилган аризаларни тасдиқлаш;

– фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари “Электрон ҳукумат” тизими орқали олганда бу ҳақида хабарномалар қабул қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Мобиль-ID тизимида қандай рўйхатдан ўтилади?

Тушунарли бўлиши учун шуни маълум қиламизки, Мобиль-ID тизими шахсни унинг – мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.

Мобиль-ID тизимидан рўйхатдан ўтиш жуда осон. Бунинг учун сиз бир маротаба шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки ҳайдовчилик гувохономаси) билан республикада мавжуд давлат хизматлари марказлари ёки нотариусларга ташриф буюришингиз кифоя, бунда:

– давлат хизматлари маркази оператори ёки нотариусга шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этасиз ва мобил рақамингизни маълум қиласиз;

– оператор ёки нотариус тизим орқали сизни “one.id” тизими орқали рўйхатга ўтганлигингизни текширади ва рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз рўйхатдан ўтказади;

– тизим орқали биометрик маълумотларингиз тасдиқланади;

– телефон рақамингизга тасдиқловчи код юборилади ва код тизимга киритилади.

Рўйхатдан ўтказиш пулликми?

Мобиль-ID тизимини оммалаштириш мақсадида фуқароларни Мобиль-ID тизимига идентификациялаш 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирмасдан амалга оширилмоқда.

2023 йил 1 январдан бошлаб БҲМнинг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.