Тармоқларда Фарғонада аёл киши ИИБ биноси олдида ўзини ёқиб юбормоқчи бўлгани ҳақидаги хабар тарқалди. Вилоят ИИБ аёлнинг қизи 4 нафар шахсга жинсий алоқа қилишга шароит яратиб бергани ва 2 нафар вояга етмаган қизни тутқунликда сақлаб, фоҳишаликка мажбурлаб келгани учун ушланганини маълум қилди.
Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларида тарқалган «Фарғона вилояти ички ишлар биноси олдида фуқаро нега ўзини ёқмоқчи бўлди» сарлавҳали видеохабар юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 15 ноябрь куни вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ИИБ олдида ўзини ёқмоқчи бўлган аёлнинг қиз — фуқаро М. А. Фарғона шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бирида 2 250 000 сўм пул эвазига 4 нафар шахсга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб берган. У келишилган пулларни олган вақтида холислар иштирокида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, фуқаро М.А. вояга етмаган Д.Ф. ва Х.М. ларни ўзига моддий жиҳатдан қарам қилиб, яшаш уйида тутқунликда сақлаб, эркак мижозларга моддий манфаат эвазига жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М. А.га нисбатан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «a» банди (ўғрилаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали одам савдоси), 131-моддаси 1-қисми (ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш) ҳамда 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 16 ноябрь куни Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят иши бўйича жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувидан келиб чиқиб, 19 ноябрь куни айбланувчи М. А.нинг бошқарувида бўлган Malibu транспорт воситаси Фарғона шаҳар Навоий кўчаси 30-уй ёнида тургани аниқланиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда 2 дона пичоқ ва бошқа буюмлар далилий ашё тариқасида олиниб, автомашина қонуний эгаси А. М.га тилхат орқали топширилган.
«ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлган аёл билан бошқарма раҳбарияти суҳбатлашиб, ҳолат юзасидан тушунтиришлар берган. Шу ўринда, фуқароларимиздан юқоридаги каби хабарларга расмий муносабат берилмасдан туриб ноўрин хулоса қилмасликларини сўраб қоламиз», — дейилади хабарда.