Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида коммунал соҳа аҳволи қандай?

Куни кеча Янгиҳаёт туман ҳокимиятида туманда коммунал соҳа йўналишида олиб борилган ишлар ва режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда ҳокимнинг уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Абдурашид Нурматов йиғилганларга соҳада амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Маълум бўлишича, ишлар, аввало, хатлов ўтказиш, оқсаётган соҳаларни аниқлаштириш ва аниқ режа-дастурлар ишлаб чиқиш билан бошланган бўлиб, 11 ой давомида тармоқнинг барча кесимларида тизимли ишлар амалга оширилган. Хусусан, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳудудни тозалаш ва ободонлаштириш бўйича 469 163 кв. м санитар тозалаш ва 172 000 кв. м кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилган. Шу билан бирга, 42 867 дона кўчат ва 671 000 дона мавсумий гуллар экилган.

Иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича “Veolia Energy Tashkent” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан 29 та корхона ва 13.8 км тармоқ жорий, 4.2 км тармоқ мукаммал таъмирланган. Янгиҳаёт тумани оқава сув тармоқлари бўлими томонидан эса 2450 пм янги тармоқ қурилиб, 140 пм эскирган тармоқ мукаммал таъмирланган.

Шунингдек, Янгиҳаёт тумани кўча ёритиш тизими бўйича 2.4 км тармоқ замонавий СИП кабелига алмаштирилиб, 3.6 км янги тармоқ тортилган ва 228 дона янги ёритгич ўрнатилган.

Анжуман давомида шу ва бошқа маълумотлар тўғрисида ахборот берилиб, туман мутасаддилари журналист ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб беришди.