Қашқадарё вилояти Қамаши туманида мактабга кетаётган 3-синф ўқувчиси «КамАЗ» босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганди. Вилоят ИИБ матбуот хизмати ҳайдовчи қамоққа олинганини маълум қилди.
Расмий маълумотга кўра, 22 ноябрь соат тахминан 12:30 ларда ҳайдовчи Н.Б. бошқарувида бўлган «КамАЗ» русумли автотранспорт воситасини А-378 Самарқанд—Ғузор автомобиль йўлидан Ғузор тумани томон бошқариб бориб, Қамаши тумани «Узун» МФЙ ҳудудининг 124 километрига келганда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган вояга етмаган Қ.С.ни уриб юборган.
Оқибатда пиёда оғир тан жароҳати олиб вафот этган.
Nasafnews йўлдан ўтаётган қизалоққа бошқа ҳайдовчилар йўл бергани, аммо катта тезликда ҳаракатланган «КамАЗ» уни уриб юбориб, 10 метр масофагача бўлган жойга судраб борганини ёзганди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг ажримига асосан айбланувчи Н.Б.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.