Ўзбекистон ва Қозоғистон Ички ишлар вазирликлари икки мамлакат фуқароларининг ўзаро саёҳатлари шартлари тўғрисидаги ўзбек—қозоқ ҳукумтлари ўртасидаги битимга ўзгартириш киритишга оид протоколни тайёрлади, деб хабар беради Zakon.kz.
Лойиҳанинг мақсади — икки мамлакат фуқароларининг давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб 30 кунгача бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Протоколда келтирилишича, бир мамлакат фуқароси иккинчи мамлакат ҳудудига ўтганда, қабул қилувчи томоннинг давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан эътиборан 30 иш куни мобайнида яшаш жойидаги давлатнинг ваколатли органларида рўйхатдан ўтиш ва вақтинча қайд этиш мажбуриятидан озод қилинади.
Айни вақтда бир давлатнинг иккинчи мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бўлиш муддати 5 кунни ташкил этади.
Шу билан бирга, қайд этилишича, агарда бир давлат фуқароси иккинчисида 30 кундан ортиқ қолишни истаса тегишли давлат идораларида вақтинча яшаш учун рухсатнома олиши керак.
Шунингдек, чегарани исталган транспорт тури билан кесиб ўтишда миграция карталарини олиш ва тақдим этиш талаби ҳужжатдан чиқариб ташланган. Иккала давлат фуқаролари ҳам бошқа давлат ҳудудида бўлганида унинг миллий қонунчилигини ҳурмат қилишга мажбурлиги тўғрисида ўзгартириш киритилган.