Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида чиқинди маҳсулотларидан қаттиқ ёқилғи (пеллет) ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.
Энергетика вазирлигига кўра, унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 минг тоннани ташкил этади. Завод ишга тушиши натижасида 20 та янги иш ўрни яратилди.
Муқобил ёқилғи турларидан бири ҳисобланган мазкур қаттиқ ёқилғи маҳсулотидан хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини иситишда фойдаланилади.
Пеллет – турли хил дон экинларининг сомони, маккажўхори пояси, деярли барча ўсимликларнинг илдизлари ва барглари, ёғочни қайта ишлашдан чиққан чиқиндилар ҳамда маиший чиқиндилардан тайёрланади.
Завод Энергетика вазирлиги ва Корея энергетика агентлигининг ҳамкорликдаги навбатдаги лойиҳаси бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот республикада муқобил ёқилғи турини ривожлантиришга ва энергия ресурсларини тежашга хизмат қилади.