Россияда чўчқа гриппи эпидемияси авж олмоқда


Қарийб уч йил давомида асосан коронавирусни жиловлаш билан банд бўлган инсоният энди бошқа эпидемиологик касалликлар билан ҳам рўбарў келмоқдa.

Масалан, узоқ вақт “уйқу”да бўлган mpox (маймун чечаги), вабо, Эбола, чўчқа гриппи каби қатор хавфли инфекциялар сўнгги ойларда дунё аҳли саломатлигига яна жиддий хавф сола бошлади.

Хусусан, ҳозир аксарият давлатларда грипп вируси авж олган мавсум. Устига-устак, айрим минтақаларда бу эпидемия бошқа юқумли касалликлар билан бирга кечяпти.

Хусусан, Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерал хизмати шу кунларда мамлакатда чўчқа гриппи кенг тарқалаётгани ҳақида хабар берди. Ҳозиргача ушбу вирус давлатнинг 55 та маъмурий ҳудудида рўйхатга олинган.

Хасталикнинг аниқланаётган мутациялари орасида А (H1N1), A (H3N2) ва B штаммлари устуворлик қиляпти.

Мутахассисларнинг изоҳлашича, бу касалликни анъанавий грипп турларидан аломатлари орқали фарқлаш қийин. Чунки юқори тана ҳарорати, томоқ, бош ва мушаклардаги оғриқлар, йўтал, ҳолсизлик, безовталик каби симптомлар ҳар иккисига хос. Шу боис аниқ ташхис қўйиш учун махсус ПЗР тестлари талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда жаҳон бўйича оммавий чўчқа гриппи эпидемияси кузатилган эди. Ўшанда бир йил давомида 60,8 миллион нафарга яқин одам ушбу хасталик билан касалланган. Ачинарлиси, беморлардан 12,4 минг нафари инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмган.