Ўзбекистон ТИВ Афғонистондаги террорчилик акти юзасидан баёнот берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг Саманган провинциясида содир бўлган террорчилик хуружи юзасидан баёнот берди.

Вазирлик баёнотида Айбак шаҳридаги асосан ёшлар қурбон бўлган портлаш кескин қораланган. Шунингдек, бундай зўравонлик ҳаракатлари мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга ҳамда миллий келишувга эришишга тўсқинлик қилиши таъкидланган.

«Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганларнинг тез фурсатларда соғайиб кетишини тилаймиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Маълумот учун, портлаш Айбак шаҳридаги «Жиҳодия» мадрасасида пешин намозига барча талабалар йиғилган вақтда содир бўлган. Ҳодиса оқибатида камида 10 нафар ўқувчи ҳалок бўлган.