Ўзбекистонда декабрь ойи учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Ўзбекистонда 2022 йилнинг декабрь ойи нисбатан совуқ ҳаво билан бошланади. Бу ҳақда Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 декабрдан ҳарорат пасайди ва 3-5 декабрга келиб республика ҳудудининг катта қисмида термометр устуни кечалари 4-7 даража совуққача, кундуз кунлари 0-3 даража илиққача, баъзи жойларда 1-2 даража совуққача, шимолда кечалари 10-13 даража совуққача, кундуз кунлари 4-7 даража совуққача пасаяди.

Шунингдек, мамлакатнинг энг жанубий қисмида ҳам совуқ бўлади, ҳарорат кечалари 0-2 даража совуқ, кундуз кунлари 3-6 даража илиқ бўлади.

Совуқ об-ҳаво деярли декабрь ойининг биринчи ўн кунлиги охиригача сақланиб туради.

Республика бўйича 5 декабргача қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 5-10 декабрь кунлари даврида марказий ва жануби-шарқий ҳудудлар бўйича айрим кунларда қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Декабрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида меъёрий қийматларга яқин бўлган фонда ҳаво ҳарорати кечалари 2-7 даража илиқдан 2-7 даража совуққача, кундуз кунлари 10-15 даража илиқдан 2 даража совуқ-3 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2021 йилнинг декабрь ойи охирги 20 йил ичида энг илиқ йил бўлди. Ушбу давр учун 2002, 2011 ва 2020 йилларнинг декабрь ойлари эса энг совуқ бўлди.

Тошкентда сўнгги 20 йил ичида декабрь ойидаги энг илиқ кунларда ҳаво ҳарорати 20-23 даража илиқгача кўтарилган, энг совуқ даврларда эса ҳарорат кечалари 12-15 даража совуққача пасайган эди.