Ўзбекистон ипаги, ипакчилик ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

Ўзбекистон ипаги, ипакчилик ва Хўжа Насриддин афандининг латифаларини айтиш ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.

Рўйхатга ипакчилик ва анъанавий ипак ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистондан ташқари Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Туркия, Тожикистон, Туркманистон ҳам киритилган. Буюк ипак йўли анъаналарида чуқур илдиз отган бу амалиёт маданий ўзига хосликдан далолат беради.

«Бу, шунингдек, ижтимоий бирдамлик рамзи сифатида қаралади, чунки ипак савдоси тегишли мамлакатлар ичида ва ўртасида маданият ва илм-фан алмашинувига ҳисса қўшган», дейилади ЮНЕСКО сайтида.

ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросидан Хўжа Насриддиннинг латифаларини айтиш ҳам жой олган. Рўйхатга латифа айтишнинг Ўзбекистондаги усулидан ташқари Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Туркманистондаги усуллари ҳам киритилган.

«Латифалар оғзаки ва ёзма манбалар орқали оғиздан оғизга ўтиб, маҳаллий иборалар ва мақолларни илҳомлантирган. Уларнинг аксарияти классикага айланган. Мазкур латифалар болалар учун тайёрланган босма ва визуал оммавий ахборот воситалари ҳамда теледастурларда ҳам тарқатилмоқда», дейилади баёнотда.

Хўжа Насриддиннинг латифаларида ҳикоячи қийин вазиятларда кутилмаган йўлларни топиши ва сўз кучи билан доимо ғолиб бўлиши қайд этилган.