ИИБ: Ўлим “Тутқаноқ синдроми, ўпка ва мияга кислород ўткир етишмовчилиги” оқибатида юз берган

Аввалроқ Бухорода ИИБ биносида  фуқаро вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар бергандик. Ушбу ҳолатга
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

“Бухоро вилояти Вобкент туманида 1985 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Қ.нинг ўлимига оид турли талқинлар тарқалмоқда

Маълум қиламизки, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Бухоро шаҳар ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов гуруҳи юритувида бўлган Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича, гувоҳ тариқасида жалб этилган фуқаро Қ.Ҳ. соат тахминан 15.00ларда Бухоро шаҳар 4-сон ИИБга жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш учун келиб, лекин терговчи хизмат вазифаси билан бошқа жойда бўлганлиги сабабли, ИИБ биносига кирмасдан, қайтиб кетган.

Фуқарони ИИБ биносига кирмасдан кетган ҳолати видеотасвирга муҳрланган.

Шундан сўнг фуқаро Қ.Ҳ. 80 Z 015 ОА Д/Р “Матиз” такси автомашинасини тўхтатиб, уни Бухоро шаҳридаги “Файзиобод” жомъе масжидига олиб боришини сўраган. Йўлда, фуқаро Қ.Ҳнинг соғлиғи ёмонлашиб, оғзидан кўпик чиқиб, хушини йўқотган. Ҳайдовчи хушсиз йўловчини тезкорлик билан Бухоро шаҳар касалхонасига етказган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан фуқаро Қ.Ҳ. шу куни соат тахминан 21.00ларда касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган. Суд-тиббиёт экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра ўлим “Тутқаноқ синдроми, ўпка ва мияга кислород ўткир етишмовчилиги” оқибатида юз берган. Текширув жараёнида мурдани баданида ҳеч қандай тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳолат Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.