“Тобутдан товуш”: ўлик ваъдалар, ёлғон ҳисоботлар ва уларга алоқаси йўқ янги Ўзбекистон ҳақида

Қишнинг аёзли дастлабки куни Ўзбекистонда аҳолини энергия таъминоти тизими бутунлай абгор аҳволга келганини кўрсатиб қўйди. Республика бўйлаб қишга тайёргарлик умуман қонақарсиз олиб борилганини бир кунлик совуқ ошкор қилди. Мана бугун Тошкент вилояти Янгийўл туманида аҳоли норозилик намойиши ўтказиб кўчага чиқди. Аҳоли электр энергияси ва газ таъминотисиз қолган. Албатта бу ҳолит биринчи марта бўлётгани йўқ, ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқанд вилояти Самарқанд туманида 13 нафар аёл табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиб қўйганди.

Натижада эса ўз ҳаққини талаб қилиб чиққан халқ айбдор деб топилганди. 13 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳуқуқбузарлик содир этганларнинг 2 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Қолган 11 нафарига нисбатан эса жарима жазоси қўлланилганди.

Ижтимоий тармоқларда кунда-кунора аҳоли вакилларининг, асосан, ёши улуғ кишилари ҳамда ёш вояга етмаган вакиллари томонидан шахсан Президентга қарата мурожаатлар тарқалмоқда. Улар ҳам газ ёки “свет”ни сўраб мурожаат қиляпти. Бу хабарларни кўрган кишининг юраги бир қалқиб кетади.

Йиллар давомида кузатиладиган жараёнлар ҳар мавсумда қайтарилади. Кунлар совийди, чироқ, газ ўчади, халқ норозилик билдириб ижтимоий тармоқларга дардини тўкади ва мутасаддилар катта-катта маблағлар ажратилаётгани, янги лойиҳалари ва яқин орада яхши бўлиши ҳақида ваъдаларга тўла ҳисоботлари билан бизни ишонтирмоқчи бўлишади. Шундай ваъдалар билан совуқ қишни амаллаб ўтказиб олинса, у ёғи баҳор яна муаммо унутилади, биргаликда берилган ваъдалар ҳам.

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилган.

Ҳукумат ҳужжати билан электр, газ, сув таъминоти, иссиқлик энергияси, кўмир, суюлтирилган газ ва бошқалар билан таъминлашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланганди. Ушбу вазифаларни бажариш учун 1,99 трлн сўм (шундан, давлат буджети ҳисобидан атиги 10,6 млрд сўм, маҳаллий буджетлар ва қўшимча манбалар ҳисобидан 326 млрд сўм, ташкилотлар ва аҳоли маблағлари ҳисобидан 1,57 млрд, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 10,1 млрд сўм) маблағ ва 71,68 млрд сўм бошқа манбалардан йўналтириш режалаштирилган) эди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун комиссия тузилган ва унга Очилбой Раматов раҳбар этиб тайинланган эди.

Ҳужжатда Республика комиссияси (А.Ж. Раматов) иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, истеъмолчиларга электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир маҳсулотлари, иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бориши ҳақида айтиб ўтилган. Бироқ Раматовнинг бу борада нима ишларни амалга оширгани ҳамон мавҳум. Балки Раматовнинг ўзи ушбу ҳолатга атрофлича тушунтириш беришга тайёрдирлар? Нима иш қилганлари ҳақида бироз маълумот бериб ўтарлар. Бюджетдан ажратилган пуллар қаерга сарфлангани ҳақида ҳам бирор гап айтиб ўтсалар…

Ҳужжатга кўра, жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталафот ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан Республика штабига кунлик маълумот тақдим қилиниши назарда тутилган. Хўш, ушбу кунлик ҳисоботлар нима бўлди? Ижтимоий тармоқларда газ йўқ, свет йўқ дейилган мурожаатлардан улар хабардор эмасми?

Аҳир ҳар бир мутасаддига ижтимоий тармоқларни фаол кузатиб бориш юклатилган эмасмиди? Улар кўрса ҳам панжа орасидан қараш билан бандмилар???

16-ноябр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев «Тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади. Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди. Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб токни ўчиришга сабаб бўлолмайди», деган эди.

Шундан кейин аҳвол янада ёмонлашгани ҳақида маълумотлар келмоқда. Яна ўша эски усулни қўллашяптими? Шароитни айни вақтдагидан ёмонлаштиришади ва бироз ўтгач яна ўз ўрнига тушуриб халқнинг “шукур” қилишига “шароит” яратишади. Қолгани эса ўзлари истагани каби кетаверадими?

Шунингдек, Электр таъминотидаги узилишлар бир соатдан ошган ҳудудларда масъулларга чора кўрилиши айтилди. Аммо қарангки, бугун баъзи ҳудудларда 8-12 соатгача чироқ ўчади.

 Мазкур тадбирда сўз олган “Ўзбекнефтгаз” бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев эса ГТЛ компаниясидаги ишлаб чиқариш 50 фоизга камайтирилиб, қолган газ аҳолига берилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди.

Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларига таяниб, ТАСС тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон 2022 йилнинг январ–октябр ойларида Хитойга газ қувури орқали энг кўп ёқилғи етказиб берган давлатлар рўйхатида 5-ўринни эгаллаган. Ия буёғи қизиқ бўлдику…

Хитой томонига кўра, мамлакат 2022 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистондан салкам 917 млн долларлик газ импорт қилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўп. Сотилган газнинг физик ҳажми ва бирлик нархи номаълум. Октябр ойидан бошлаб газ олди-сотдиси бўйича икки мамлакат расмий статистикасида катта фарқ юзага келди. Ким бизни алдаяпти бу ерда? Хитой томони сотиб олган газига қўшиб ёзяптими ёки ўзимизни мутасаддилар сотган газини очиқлашдан қўрқяптими?

 Аммо… “Газ заправкалари”даги навбатчи? Газ қуйиш шохобчаларида ҳар йилгидан ҳам кўра оғирроқ ҳолат кузатилмоқда. Бир неча ой аввал шохобчаларда турнақатор навбатлар кузатилган бўлса, бугунга келиб уларнинг фаолияти умуман тўхтатиб қўйилмоқда. Масъуллар ҳолатни “ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан айрим ҳудудларда АГҚКШ жадвалларига ўзгартиришлар киритилмоқда. Бундай чоралар мамлакатимиз аҳолиси ва ижтимоий соҳа обектларини, жумладан, дам олиш кунларида узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани” билан баҳоламоқда. Шунингдек, “истеъмолчилардан ушбу ҳолатни тушунган ҳолда қабул қилишни ва табиий газдан оқилона фойдаланишни” сўрашмоқда.

Баъзи ижтимоий тармоқ фаоллари агар ўзимизда газ етишмовчилиги кузатилса, қўшни Туркманистондан газ сотиб олиш таклифини ўртага ташлаган. Мутасаддиларимиз бу таклифларни ҳам бир ўрганиб чиқишса яхши бўлармиди…

Ўзбекистонда 2020 йилдан 2022 йилнинг май ойига қадар ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.

2022 йилнинг 14 январида Фарғонада 2 киши, 12 февралда Хўжаободда 1 киши, 14 февралда Асакада 3 киши, 22 февралда Қўштепада 1 нафар талаба қиз, 21 мартда Қўқонда масжид имом-хатиби (оила аъзолари билан 5 киши), 30 октябрда Бухоро туманида 1 киши, 6 ноябрда Форишда 3 киши (аёл ва 2 фарзанди), 13 ноябрда Урганчда 2 киши, 15 ноябрда Зарбдорда 3 киши (аёл ва 2 набираси), 20 ноябрда Қаршида 1 киши (ижарада яшаган қиз), худди шу куни Попда 3 киши ва 22 ноябрда Бувайдада 2 киши (келин-куёв) ис гази қурбонлари бўлишди. Демак, бизнинг ҳисобимиз бўйича, йил давомида умумий 28 киши ис газидан ҳалок бўлган. Ачинарлиси, биргина ноябрь ойида 14 кишининг вафот этгани. Бу масалади бирор раҳбар ўзини айбдор деб биладими? Уларнинг топгани фақат аҳоли истеъмолга яроқсиз печлардан фойдаланади. Истеъмолга яроқли печ қандай бўлиши ҳақида йўриқномаларингиз борми? Қўлбола иситиш ускуналаридан фойдаланиш ҳолати аниқланди деб ҳисобот берадиган валломатлар ё ис газидан ёки совуқда музлаб ўлиш танлови ўртасида қолган халқни тушунишга уринишганмикан? Жавоб йўқ, бизда фақат қора халқ айбдор, бизда фақат раҳбарлар қилгани тўғри…

Бу ҳолат албатта бошланиши, тағин қиш мавсуми тугагунича яна қанча ўлим ҳақида хабар чиқди?

Калаванинг учини қидирилса, Энергетика вазирлиги табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари йилдан йилга камайиб бораётганини айтмоқда. Аниқроғи, ўтган 11 ойи давомида режага нисбатан 5,8 фоизга кам табиий газ қазиб чиқарилган.“Ўзбекнефтегаз” бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг айтишича, Қашқадарёнинг Муборак газ конидаги 40 йиллик, Шўртан газ конидаги 70 фоиз захиралар қазиб олиб бўлинган.

Жаноб Меҳриддин Абдуллаев “Ўзбекнефтегаз”га тегишли конларгагина жавоб бериши ҳисобга олинса, масала тушунарли. Қизиқ жиҳати, энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ёпиқ қарорлар билан хусусий секторга бериб юборилган конлардан ҳатто ортиғи билан газ қазиб олинаётганини маълум қилган эди.

Шунингдек, у тақчилликни бартараф этиш мақсадида газ экспорти тўхтатилгани ва импорт ҳажми 20 фоизга оширилганини урғулаганди. Ҳақли савол туғилади: шунча газ қани?

Афсуски, газ шохобчалари фаолиятига қўйилаётган узоқ муддатли чекловлар жамоат транспортига жиддий таъсир қилишни бошлади. Жамоат транспорти оралиқ интервали чўзилди, шаҳарлараро автобуслар ҳаракати вақтинчалик бекор қилинди. Жамоат транспорти йўқ, бори ҳам тиқилинч, таксилар нархи ошиб кетган, қатнов камлиги сабаб ушбу ҳафтада кўпчилик ишчилар шунча муаммо камдек, ишга боришда ҳам кутилмаган қийинчиликларга дуч келишмоқда.

Аҳоли чекаётган азиятлар учун жавоб бериши керак бўлган, газ конларимизни сув текинга бериб юборганлар эса ўзларига қуриб олган қасрлардан ташқарига чиқмайди, қорасини кўрсатмайди. Чунки улар газ захираси учта Ўзбекистонни боқишга етади деб ўйлаб юришибди.