Шимолий Корея фуқаролардан ўз исмларини мафкуравий маънога эга бўлган номларга алмаштиришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Radio Free Asia” нашри хабар берди.
Авваллари Шимолий кореяликлар ўз фарзандларига Чунг Сим (садоқат), Чонг Ил (қурол), Пок Ил (бомба) ёки Уи Сонг (сунъий йўлдош) каби мафкуравий ёки ҳатто милитаристик маънога эга бўлган ватанпарварлик номларини беришга даъват этилган.
Сўнгги йилларда мамлакат ташқи дунё учун кўпроқ очиқ бўлганлиги сабабли шимолий кореяликлар ўз фарзандлаарига Ри (севимли), Ра (чиғаноқ қобиқ) ва Су Ми (супер гўзаллик) каби айтишга осон, мулойимроқ маънога эга исмларни қўя бошлаган.
Шунингдек, шимолий кореяликлар қаттиқроқ жаранглайдиган ундошлар билан тугайдиган исмлар ўрнига болаларига юмшоқроқ унлилар билан тугайдиган исмларни бера бошлаган. Бу кўпроқ жанубий кореяликларга хос одат ҳисобланади.
Аммо охирги пайтларда Шимолий Корея ҳукумати бу тенденцияни қисқартириб, фуқаролардан етарлича “инқилобий” мазмунга эга бўлмаган исмларини мафкуравий номларга алмаштиришни талаб қилмоқда. Шунингдек, ҳукумат исмини ўзгартирмаган одамларга жарима солиш билан таҳдид қилишини таъкидлаган.