Ўзбекистон 10 ойда 9,5 млн долларлик цемент экспорт қилди

Ўзбекистонда 2022 йилда жами цемент ишлаб чиқариш ҳажми 15,2 млн тоннани ташкил этиши ва ўтган йилга (14,2 млн тонна) нисбатан 7 фоизга ошган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.

Қайд этилишича, 2022 йилда йиллик қуввати 6,8 млн тоннага тенг 7 та янги цемент ишлаб чиқариш заводлари Андижон, Навоий, Наманган, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ишга туширилди. Ҳозирги кунда республика бўйича цемент ишлаб чиқариш қувватлари 27,1 млн тоннани ташкил этади.

2022 йилда марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объeктлар қурилишига ўртача биржа котировка нархларида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича 60 минг тонна цемент харид қилинган.

Яна бир маълумот, ўтган 3 чоракда биржа савдоларида бир тонна портланд цемент ўртача 583 минг (ҚҚС билан) сўмдан сотилган.

Эътиборлиси, 2022 йилда 1,9 млн тонна цемент импорт қилинган. Ўтган 10 ой даврида 9,5 млн долларлик цeмeнт экспорт қилинди. Биржа савдолари орқали 6 млн 37 минг тонна цемент сотилиши таъминланди.

Шунингдек, 1-чоракда табиий газ танқислиги кузатилди ва ушбу даврда 1,8 млн тонна цемент ишлаб чиқарилмади.

2022 йилда «Қизилқумцемент» АЖ томонидан умумий қиймати 137 млн доллар бўлган йиллик қуввати 1 млн 800 минг тонна клинкер ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, «Rash milk», «Наманганцемент» (II-босқич), «Қарши конч цемент», «Farg’ona Yasin qurilish mollari» (2-босқич), «Шаффоф цемент саноати» ва «Жахон Евро Сервис» МЧЖлари каби цемент ишлаб чиқариш лойиҳалари ўз фаолиятини бошлади.

Таҳлилларга эътибор қаратилса, 2016 йил якуни билан Республикада 8,6 млн тонна цемент ишлаб чиқарилган. 2021 йилда 14,2 млн тонна, 2022 йилда эса бу кўрсаткич 15,2 млн тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Шу жумладан мамлакатимизда юқори маркали цемент ишлаб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳозирги кунда саноат корхоналарида 5 млн тоннадан ортиқ юқори маркали цемент ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.