Навоийда 450 дан ортиқ кишини чув туширган жиноий гуруҳ аниқланди

Навоийда одамларнинг банк карталаридан пул ечиб олиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Зарафшон шаҳрида яшовчи Н.M. ижтимоий тармоқда номаълум шахс ёлғон хабар орқали унинг банк картаси бошқарувини қўлга киритиб, жами 2 млн 780 минг сўм пулларини ечиб олгани ҳақида хабар берган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни бир гуруҳ шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб содир этгани аниқланган. Жиноий гуруҳ аъзолари Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи, муқаддам судланган A.A. ва унинг акаси A.Ш., Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи, Тожикистон фуқароси Н.Б. ва унинг ўғли B.D. экани маълум бўлган.

Аниқланган маълумотларга кўра, гуруҳ сохта ҳаволалардан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарларни тарқатиб жами 454 нафар фуқаронинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштирган.

Ҳозирда гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.