Қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга энди чекловлар жорий қилинади

Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида ер ости сувларининг сатҳи 5 метргача пасайиб кетган.

Бу ҳақида Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, ер ости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади.

Ҳозирги кунда қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич йўқлиги сабабли ер ости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаяпти.

Шунинг учун ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда.

Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади, дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.