Тошкентда миллион долларлик молиявий пирамида яратган шахс аниқланди

Тошкентда миллион долларлик молиявий пирамида яратган 23 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Тошкентда фуқаролардан 1 миллион 100 минг доллар олган ва уларга маблағларини 15-30 кун ичида 18-23 фоизга ошириб олишга ваъда берган молиявий пирамида ташаббускорини аниқлаган.

У 2020 йилдан буён фуқароларни алдаб келаётганини тан олган.

«Айни пайтда мен қарийб 10 миллиард сўм йиғдим, улардан 8 миллиардини қайтариб бердим, қолган қисмини ўз эҳтиёжларимга сарфладим», — дейди гумондор.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-модданинг 4-қисми (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилиб. гумонланувчи ҳибсга олинган.