Термиздаги хонадонлардан бирида газ портлади

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги хонадонларнинг бирида газ чақнаши оқибатида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 10 декабрь куни тонги соат 06:40 лар атрофида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри “Ўзбекистон” маҳалласи Алишер Навоий кўчасида яшовчи, 1965 йилда туғилган Н.В.нинг яшаш уйи ошхонасида табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш содир бўлиб, В.Н.нинг бутун тана юзаси 3-4-даражали, 40-45 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиалига ётқизилган.

“Ушбу ҳодисанинг содир бўлишига хонадонга ўрнатилган газ ҳисоблагич ҳисобдони қарз туфайли ўчгач, фуқаро В.Н. томонидан ўзбошимчалик билан газ ҳисоблагич ҳисобдонидаги фильтр қисмини ечиб олиши ва қўлбола усулда тайёрланган резина шлангни ноқонуний улаб фойдаланиши оқибатида хонага газ сизиб чиқиши газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлишига олиб келган”, — дейилади хабарда.