Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасидаги ҳолат ўрганилди — ССВ

ССВ матбуот хизмати Қашқадарёда чақалоқлар совуқ туғуруқхонада қолгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари томонидан ўрганилган.

Айни пайтда шифохонада электр таъминоти тикланди. Муассаса қўшимча электр генератори билан таъминланди.

Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли бўлинмаси, яъни қишлоқ участка шифохонасида 2022 йил 11 декабрь куни соат 03:30 да электр энергиясида узилиш кузатилган.
Аммо иссиқлик таъминотида узилиш бўлмаган.

Шифохонада 4 кун аввал жами 7 нафар аёл фарзандли бўлган, 11 декабрь соат 12:00 да уларнинг 6 нафарига уйга жавоб берилган. 1 нафар аёл чақалоғи билан Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасига кўчирилган.


Ҳозирда она ва болаларнинг саломатлиги яхши, шифокорлар назоратига олинган, дейилади хабарда.