«Бу нефть база ҳақида шу кунгача эшитмаганмиз»

Ангрендаги нефть базаси яқинида труба ёрилиши оқибатида бензин сизиб чиқаётгани айтилган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу нефть базага оид айрим саволларни ўртага ташлади.

Депутат шу кунгача Ангрендаги нефть база ҳақида негадир эшитмагани, Тошкент вилоятида «Ўзбекнефтгаз»га қарашли Пахта, Кучлук, Чинобод нефтбазалар ҳақида билишини ёзган.

«Нефть базаси кичкина корхона эмаски, уни кимдир сезмай қолса. Уни барпо этишда қатор талаблар, вақт шу жумладан экологик талаблар ҳам бор. Бироқ Ангрен нефть базаси осмондан тушгандек бўлди. Шу боис, агар очиқ ва шаффоф бўлишса ваколатли идоралар қуйидаги саволларга жавоб беришларини сўраймиз:

Ангрен нефть базаси қачон, қайси манбаалар ҳисобига, нима мақсадда ташкил этилган?
Ангрен нефть базаси бугун кимга қарашли?
Ангрен нефть базасидаги АИ-80 бензини биржага сотувга чиқарилгандими?
Ангрен нефть базасидаги АИ-80 бензини нима мақсадда сақлаб турилганди?
Ангрен нефть базасидан оқиб кетган 11,5 минг литр бензин атроф муҳитга ва табиатга қанча зарар етказди?
Ангрен нефть базаси воқеаси катта ишларнинг бир учи эканлигини билиб турибмиз.

Шу боис, расмий идоралар аниқ жавоб берса жамоатчиликда шубҳа бўлмайди.

Дарвоқе, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам ўз йўналишида изоҳ бериши керак. Гап нима ҳақидалигини агентликнинг хушёр раҳбарлари тушуниб туришибди, деган умиддамиз», — деб ёзади Кушербаев.

Аввалроқ Ангрендаги нефть базада 11,5 минг литр бензин тўкилиб кетгани, бунга 5000 метр куб ҳажмдаги 20-сонли сиғим (резервуар) сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши муносабати билан музлаб ёрилиш сабаб бўлгани тўғрисида хабар берилганди.