МИБ: 3 нафар ўғиллар онаси бағрига қайтарилди

Мажбурий ижро бюроси иш юритувидаги номулкий ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлаш давлат ижрочилари учун енгил кечмайди.


Айниқса, бола олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари юзасидан олиб борилаётган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида фарзандлар ҳам маънан, ҳам руҳан зарба олади, бу боланинг кўнгли билан боғлиқ жараёндир.


Қанчалик оғир бўлмасин суд қарори фарзандларни онаси тарбиясига олиб беришни лозим топса, у ижро этилиши керак бўлади.


Мисол учун, Мажбурий ижро бюроси Косон туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Косон туманлараро судининг ижро варақасига асосан, асли Самарқандлик Г.Кенжаеванинг вояга етмаган 3 нафар ўғилларини собиқ турмуш ўртоғи яъни болаларнинг отасидан олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.


– Ижро ҳужжати келиб тушган куннинг ўзида давлат ижрочиси томонидан белгиланган тартибда “ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган, – дейди МИБ Қашқадарё вилоят бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Гулноза Дилмуродова. – Бўлим ходимлари томонидан қарздорга вояга етмаган болани онасига ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантирилган. Лекин қарздор болаларни ихтиёрий равишда онасига беришдан бош тортган. Шунга кўра, жорий йилнинг декабь ойида давлат ижрочилари томонидан Г.Кенжаеванинг фарзандлари ўз тарбиясига мажбурий тартибда олиб берилиб, ижро ҳужжати амалда тамомланди.