Толибон Афғонистондаги электр энергиясида содир бўлаётган узилишларда Ўзбекистонни айблади. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар берди.
Маълум қилинишича, Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси вакили Ҳикматулла Майванди видеомурожаатида Ўзбекистон электр тармоғидаги муаммолар туфайли у Кобул олдидаги шартнома мажбуриятларини вақтинча бажара олмаганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, Толибон ички қувватни ошириш, шу жумладан, Афғонистон ИEСни қайта ишга тушириш орқали энергия танқислигини қоплашга ҳаракат қилмоқда. Давлат муассасаларининг энергия сарфини камайтириш ва бўшатилган ресурсни турар жой биноларига йўналтиришга ваъда берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўлиқ тиклаганди. Ноябрь ойи ўрталарида ўзбекистонда блекаут хавфи юзага келиши мумкинлиги айтилганди. Энергетика вазири ўринбосари Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар сабабини маълум қилганди. Электр энергиясини тежаш мақсадида Тошкентдаги кўча чироқларини ўчириш режалаштирилганди. Андижонда эса аҳолидан соат 21:00 дан кейин электр энергиясидан фойдаланмаслик сўралганди. Электр токи ўчиб қолгани сабаб Термиз—Тошкент йўловчи поезди 4 соатга яқин вақт тўхтаб қолганди.
Қашқадарёда эса «свет» ўчгани оқибатида чақалоқлар совуқда қолгани айтилганди. Кейинроқ Ўзбекистонда газ ва электр муаммоси бўйича қонунбузилишига йўл қўйган айрим раҳбарлар қамоққа олинганди. Шунингдек, мамлакат туркман электр энергиясини Қирғизистондан қарзга олиши маълум қилинганди.