Бухорода Олот тумани собиқ ҳокими қамоққа олинди

Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органи вакилининг сўзига кўра, Олот туманида салкам 10  йил раҳбарлик қилган собиқ ҳоким қамалди. Собиқ ҳоким Ш. С. 2018 йилда фермерни уриб, ижтимоий тармоқларда «машҳур»ликка эришганди.

Ш.С. 2020 йилда Олот тумани ҳокимлигидан бўшатилиб, Қоракўл тумани ҳокими этиб тайинланган. 2021 йил 23 декабрь куни эса ушбу лавозимдан ҳам олинган ва унинг ўрнига Хуршид Тоҳиров Қоракўл тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

«Фермерни урган ҳоким» номи билан машҳур Ш.С. ҳокимликдан бўшатилгач, бугунга қадар вилоят Фермерлар уюшмаси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Олот ва Қоракўл туманларини бошқарган собиқ ҳокимнинг фаолият олиб борган даврлари ўрганилган. Давлат маблағларининг ўринли сарфланишини ўрганиш давомида йўл қўйган қалтис ҳатти-ҳаракатлари ошкор бўлган. Ш. С. жорий йилнинг 17 декабрь куни  вилоят прокуратурасига чақирилган. Ва жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.