Бу ҳафта Ўзбекистонда ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда



Ўзгидромет ҳафталик об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Ўзгидромет хабарига кўра, бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +7…+10 даража атрофида бўлади.
Эртага республиканинг катта қисмида +7…+10 даража бўлган ҳарорат билан қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат шимолий ҳудудларга Кавказ ҳудудларидан совуқ антициклон кириб келиши бошланади.

Қорақалпоғистон бўйича бироз қор ёғиши кутилмоқда, баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди, ҳаво ҳарорати 0…+3 даражагача пасаяди.


21 декабрда совуқ антициклон кириб келиши республиканинг барча ҳудудларига тарқалади.

Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда ёмғир ва қор кўринишида бироз ёғингарчилик бўлади. Баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди. Ҳаво ҳарорати кечаси -3…+2 даража, кундузи +3…+8 даража атрофида бўлади. Республика шимолида кечаси ҳарорат -11…-9 даражагача кучаяди, кундуз куни -3…0 даражагача пасаяди.

22-23 декабрь кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат 22 декабрда Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда бироз қор ёғади. Ҳарорат кечалари -5…-2 даражагача, кундуз кунлари +2…+5 даражагача пасаяди.

Республика бўйича кечаси ва эрталаб туман тушиши кутилмоқда. 21-22 декабрь кунлари йўлларда яхмалак кузатилади.