Ботулизм—хавфли мавсумий касаллик

Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишларнинг ичида жуда оғир кечадиган касалликлардан бири ботулизмдир. Ботулизм оғир токсик инфекцион касаллик бўлиб, орқа мия ҳамда узунчоқ миянинг зарарланишига хос симптомлар билан таърифланади. Шу билан бирга у токсинлар билан зарарланган, бузилиб қолган консерва кўринишидаги озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган токсикоинфекция ҳисобланади. Унинг хавфли томони нимадан иборат?

Ботулизм таёқчаси анаэроб, яъни кислородсиз шароитда ўсадиган микроблар оиласига мансуб. Бу микроблар спора (қобиқ) ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлгани сабабли ташқи муҳит таъсирларига жуда чидамли бўлиб, қайнатганда ҳам ўлмайди, 180 даража ҳароратда 30 дақиқада, спораси 20 фоизли зарарсизлантирувчи формалин таъсирида 24 соатда жонсизланиши мумкин. Бу микроб токсини меъда ва ичак шираси таъсирида ўз кучини йўқотмайди, у қонга сўрилиб, инсон организмини заҳарлайди. Ботулизм бактерияси ташқи муҳитда қуруқ шароитда, тупроқда узоқ йилларгача сақланади.

Республикамизда ботулизмнинг А,Б,Е турлари учраб туради. Ботулизм касаллиги кўпроқ уй шароитида санитария қоида ва меъёрларига риоя қилинмасдан тайёрланган дудланган балиқ ва гўшт, сабзавот ва мева консерваларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Аҳоли орасида ботулизм билан касалланиш асосан ноябрь ойидан бошланиб, май ойигача, яъни уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш даврида қайд этилади.

Ботулизм билан касалланиш ҳолатларини таҳлил қилиш шу кўрсатадики, асосан уй шароитида қўлбола тайёрланган маринадланган бодринг, помидор, патиссон, қалампир, қўзиқорин, карам консервалари, бақлажон икраси ва дудланган балиқ каби маҳсулотларни истеъмол қилиш касаллик келиб чиқишига сабабчи бўлаётганлигини кўрсатмоқда.

Касалликнинг клиник белгилари тўсатдан бошланиб, беморлар хасталик бошланган вақтини аксарият ҳолларда аниқ айтадилар. Ботулизм ҳолсизланиш, бош оғриғи, оғиз қуриши билан бошланади. Баъзида кўнгил айниши, қайт қилиш, бош айланиши ва 1-2 маротаба ичнинг суюқ кетиши каби касаллик белгилари қисқа вақт кузатилади. Бундан ташқари, тўш суяги ортида оғриқ кузатилиб, тез-тез кекириш пайдо бўлади. Шу қаторда оғриқ ва дамланиш ҳоллари ҳам учрайди. Қайт қилиш ва ич кетиши қисқа вақт давом этиб, неврологик белгилар бошланганидан сўнг одатда йўқолади. Ич кетиши тўхтаб, қабзият юзага келади, меъдадан озуқа моддаси эвакуасияси секинлашиб, ҳатто тўхтаб қолиши мумкин. Кўз олдида “туманʼʼ, “пардаʼʼ пайдо бўлиши, битта буюм иккита бўлиб кўриниши, кўз соҳасининг ҳаракати чекланиши, қорачиқлар кенгайиб, кўз қовоқларининг икки томонлама қисилиши, ютинишнинг қийинлашуви ёки умуман амалга ошмай қолиши, овоз ўзгариб пасая бориши ва тиниқлиги йўқолиши, оғир аҳволларда эса беморнинг гапига тушуниб бўлмаслик каби касалликнинг неврологик белгилари яққол намоён бўлади.

Ботулизмни олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилиш зарур:

▫️уй шароитларида тайёрланиб, ноқонуний равишда сотилаётган, сифати кафолатланмаган дудланган гўшт ва балиқларни ҳамда сабзавот-мева консерва маҳсулотларини харид қилмаслик.

▫️озиқ-овқат дўконларидан гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот-мева консерва маҳсулотларини ҳамда дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини харид қилишдан олдин ушбу маҳсулотларнинг ёрлиқлари ва мувофиқлик сертификатлари борлигига эътибор бериш;

▫️савдо дўконлари ва бозорлардан сақлаш муддатлари ўтган, ёрлиқлари йўқ, идишларининг бутунлиги бузилган, қопқоқлари шишган, ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган консерва маҳсулотларини асло харид қилманг;

▫️ўзингизда ёки яқинларингизда касалликнинг юқорида қайд этиб ўтилган аломатларини сезсангиз, зудлик билан энг яқин тиббий муассасага мурожаат этишни унутманг.