Украина президенти офиси раҳбари Михаил Подоляк Украина томони қамоқ жазосини ўтаётган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди. Подолякнинг сўзларига кўра, Киев Саакашвилининг хавфсизлигини таъминлашга ва уни даволашга тайёр.
«Украина Саакашвилини қабул қилишга, унинг хавфсизлигини таъминлашга ва керакли муолажани кўрсатишга тайёр», — деб ёзди Михаил Подоляк Twitter’да. Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Михаил Саакашвили қўйиб юборилиши ва даволаниш учун Украинага жўнатилиши кераклигини айтганди. Саакашвили Украина фуқаролигига эга ва илгари Одесса вилоятининг раҳбари бўлган.
Михаил Саакашвили Грузияда мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Май ойидан бери Михаил Саакашвили элита Вивамеди клиникасида даволанмоқда. Унинг адвокати айтишича, Саакашвилида 36 та касаллик, жумладан сил ва деманс бор. Шунингдек, унинг қонида симоб ва оғир металлар борлиги аниқланган. Унинг заҳарлангани ҳақида ҳам тахминлар бўлди. Кўп ўтмай Вивамеди клиникаси директори Европадан келган шифокорлар Михаил Саакашвилида заҳарланиш изларини топмаганини маълум қилди.