Ижтимоий тармоқларда шифохонада вояга етмаган бемор бола тиббиёт ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу воқеа Тошкент шаҳар 4-сонли болалар клиник шифохонасида содир бўлган. Жорий йилнинг 14 декабрь куни юқори тана ҳарорати бўлган 2 ёшли болани ота-онаси шифохонага олиб келган. Аммо бир кун ўтгандан сўнг, боланинг аҳволи ёмонлашган ва реанимация бўлимига ўтказилган.
Ота-онанинг фарзандига кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан кўнгли тўлмаган ва боланинг аҳволи ёмонлашишига шифокорни айбдор деб билган.
“Болада талваса синдроми (шайтонлаш) кузатилган. Бир кеча реанимацияда яна бир кеча бўлимда ётди. 16 декабрь куни ота-онаси тилхат ёзиб олиб кетди. Улар бизда фарзандлари даволанишини хоҳламади. Видео касал беморнинг аммаси томонидан тарқатилган экан. Боланинг онаси билан гаплашганимизда эса бундан хабари йўқлигини айтди. Шифокорларга туҳмат бўлган. Қандай қилиб шифокорлар ўзи касал болани калтаклаши мумкин», дейди бош шифокор ўринбосари.
Шифохона камералари текширилганда ҳеч ким болани калтакламагани аниқланган. Шунингдек, боланинг отасидан ушбу ҳолатга изоҳ сўралганда бола калтакланмаганини айтган.
«Фарзандимни юзидаги бармоқ изларини кўриб калтакланган(ми)? деган таҳмин қилинган. Бу эса ижтимоий тармоқларда қандайдир тарқалиб кетган», дейди боланинг отаси.
Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг муносабатига кўра, даволаш жараёнида беморни уриш ёки унга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган.