“Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади.
Шунингдек, кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи (27 минг 600 сўм) миқдорида белгиланади;
иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади;
шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.