Қамчиқ довонида ағдарилиб кетган юк машинасига қутқарувчилар томонидан ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 23 декабрь куни эрталаб соат 07:00 ларда Тошкент—Ўш халқаро автомобиль йўлининг 204 километр, Қамчиқ довонидан ўтувчи қисмида ЙТҲ содир бўлган.
Юк машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида машина ағдарилиб, унинг юк ташувчи контейнери йўлнинг ҳаракат қисмига қулаган. Воқеа жойига зудлик билан ФВВ Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг куч ва воситалари етиб келиб, авария оқибатлари бир неча дақиқалар ичида бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.
Аввалроқ Қамчиқда Nexia хандаққа тушиб кетгани, Қамчиқ довонида юк автомобили ағдарилгани, Қамчиқ довонида юк машинаси ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.