Фуқароларнинг салкам 300 млн. сўмлик иш ҳақлари ундирилди

Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ўз муддатида тўлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
Аммо, барча корхона ва ташкилотлар ҳам меҳнат қонунчилиги талабларига масъулит билан қарамаслиги оқибатида, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилади.


Мажбурий ижро бюроси органлари суд қарорлари асосида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ишга тиклаш ва иш ҳақларини ундириш борасида тегишли чораларни кўради.


Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича, Чироқчи туман судининг ижро варақасига асосан Чироқчи туманидаги мактабларнинг бирида директор ўринбосари лавозимида ишлаган фуқаро Қ.Х.га 25 млн. 186 минг сўм иш ҳақлари ундириб берилиши кўрсатилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида фуқаронинг иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилди.


Шунингдек, мубораклик Х.Кароматовага 5 млн. 856 минг сўм иш ҳақи устамаси ва касбилик Э.Ҳалимовга 2 млн. 300 минг сўм иш ҳақлари тўлиқ ундириб берилди.


Жорий йилнинг 22 декабрь куни иш ҳақларини ундириш билан боғлиқ 7 та ижро ҳужжатлари юзасидан жами 299 млн. 438 минг сўм иш ҳақлари фуқароларга ундириб берилди.