14 та туманда ҳуқуқий эксперимент тариқасида “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади

Президентнинг тегишли қарорига (ПҚ–458-сон, 26.12.2022 й.) асосан, 2023 йил 1 январдан солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган қуйидаги туманларда “Маҳалла бюджети” тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилади:

Қорақалпоғистон — Беруний тумани;
Андижон — Андижон тумани;
Бухоро — Олот тумани;
Жиззах — Зомин тумани;
Қашқадарё — Қарши тумани;
Навоий — Кармана тумани;
Наманган — Уйчи тумани;
Самарқанд — Ургут тумани;
Сурхондарё — Жарқўрғон тумани;
Сирдарё — Сайхунобод тумани;
Тошкент вилояти — Бўка тумани;
Фарғона — Бағдод тумани;
Хоразм — Боғот тумани;
Тошкент шаҳри — Учтепа тумани.

Мазкур туманларда мол-мулк ва ер солиғи (нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи туман бюджетлари орқали тегишли Жамғармаларга йўналтирилади.

“Маҳалла бюджети” тизими асосида шакллантирилган маблағлар фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади.